#расмий_муносабат
2025-05-13 08:25:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида “Жон бераётган эски Чақар бўйлаб сайр қилдим, ҳеч ким уни ҳимоя қилмаяпти” мазмуни остида хабар қолдирилган. Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси 5-бандида “Моддий маданий мерос объектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш — моддий маданий мерос объектининг тарихий-бадиий қимматини ва асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари” белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 20-майдаги 295-сон қарорининг 2-иловаси 5.5-бандига мувофиқ, Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашига “моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга хулоса бериш” функциялари белгилаб қўйилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда 2024-йилнинг 10-июл куни “Солидитй Груп” хусусий корхонасига Шайхонтоҳур туманининг Фурқат ва Қоратош кўчалари оралиғида жойлашган “Чақар” маҳалла ҳудудида кўп қаватли турар-жой бинолари, бизнес маркази, меҳмонхона, маданий ҳордиқ чиқариш масканини барпо этиш, шунингдек, ХВИИ асрга оид “Азлархон Эшон” мақбарасини таъмирлаш ишлари юклатилган.
Шу сабабли, мазкур объект доирасидаги ҳар қандай таъмирлаш, тиклаш ёки реставрация ишлари лойиҳаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилиши зарурлиги ҳақида тадбиркорга тушунтириш берилди.
Маданий мерос объектларининг муҳофазаси бўйича қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиниши зарур бўлиб, бу борадаги барча ишлар давлат назоратида амалга ошириб келинмоқда.
