2025 йил И чорагида Бадиий экспертиза бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар
2025-05-05 14:40:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертиза бошқармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари томонидан 2025-йилнинг И чорагида маданий бойликларни ҳимоя қилиш, уларни республикадан олиб чиқиш ёки олиб кириш ҳолатларини тартибга солиш борасида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ушбу давр мобайнида маданий бойликларни олиб чиқиш учун 258 та сертификатлар расмийлаштирилиб, жами 2,005 та ашёни олиб чиқишга рухсат берилди. Шунингдек, вақтинча олиб чиқишга оид 24 та сертификат асосида 229 та экспонат рухсат асосида олиб чиқилди.
Бундан ташқари Бадиий экспертиза бошқармаси томонидан 172 та ашё бўйича ёзма маслаҳатлар берилган бўлиб, 2,519 та маданий ашёлар сертификатсиз олиб чиқилиши мумкинлиги ҳақида тегишли маълумотномалар фуқароларга тақдим этилди. Ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқишга уриниш ҳолатларида мусодара қилинган 1,616 та ашё бадиий экспертизадан ўтказилиб, 126 та эксперт хулосаси тайёрланди. Ўрганишлар давомида ашёларнинг умумий баҳоси 219,5 млн. сўмни ташкил этди.
Шунингдек, хориждаги маданий бойликларни илмий тадқиқ этиш доирасида:
• АҚШ, Ҳиндистон, Миср, Тожикистондаги илмий ва маданий муассасаларда сақланаётган 98 та маданий бойликнинг тавсифи тайёрланди;
• Франция ва Туркия кутубхоналаридан 5 та ноёб қўлёзманинг электрон нусхаси олинди;
• Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида хорижда сақланаётган асарларга оид маълумотлар тайёрланди.
“Миллий меросга менинг ҳиссам!” акцияси доирасида 2025 йил учун 3 млрд. сўм ажратилган бўлиб, аҳолидан умумий қиймати 7 млрд. сўмлик 132 та маданий бойлик йиғилди. Уларни харид қилиш масаласи Бадиий экспертлар кенгаши мажлисида кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида жадидлар ҳаёти ва ижодига оид ашёлар, архив ҳужжатларини харид қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шу билан бирга республикамиздаги музейларда ўтказилаётган коллекцияларни хатловдан ўтказиш жараёнларига ҳам Бадиий экспертиза бошқармаси мутахассислари жалб этилмоқда.
