#расмий_муносабат
2025-05-05 11:00:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида “Чилпиқ археология ёдгорлиги маданий мерос бошқармасига қанчалик қадрли? Қорақалпоғистон халқига-чи?” сарлавҳаси остида пост қолдирилган. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида жойлашган “Чилпиқ” археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
“Чилпиқ” археология ёдгорлиги республикадаги диққатга сазовор масканлардан бири бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасининг давлат гербида ҳам акс эттирилган. Ҳозирги кунда “Чилпиқ” археология ёдгорлиги маҳаллий ва хорижий меҳмонлар энг кўп ташриф буюрувчи объектлар қаторига киради. Шунингдек, объектга ташриф буюрувчилар учун йўл инфратузилмаси яхшиланган ва объектга чиқиш учун зинапоя қурилган.
Даставвал, мазкур объект 1940-йили Сергей Толстов ва Яҳё Ғуломов бошчилигидаги СССР Фанлар Академиясининг Хоразм илмий-археологик экспедицияси томонидан тадқиқ этилган. Ёдгорлик айлана шаклида бўлиб, унинг атрофи қалин пахса девор билан ўралган ва бир томони кириш йўли сифатида очиқ қолдирилган. Маҳаллий аҳоли ёдгорликнинг барпо этилишини турли афсоналар билан боғлайди.
Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Чилпиқ” археологик ёдгорлиги нафақат минтақанинг, балки бутун Ўзбекистон тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб қадимий объект ҳисобланади. Жорий йилнинг 4–6-апрель кунлари бўлиб ўтган Орол маданият саммити доирасида ёдгорлик фонида очиқ осмон остида ўтказилган катта концерт эса унинг тарихий аҳамиятини яна бир бор таъкидлади. “Чилпиқ” нафақат археологлар, балки тарих, маданият ва санъат ихлосмандлари учун ҳам бебаҳо меросдир.
Эслатиб ўтамиз, илк маротаба ташкил этилган Орол маданият саммити Қорақалпоғистон ва унинг атрофидаги экологик муаммолар ва имкониятларга диққатни жалб қилишга, маҳаллий жамоалар салоҳиятини ошириш ва уларни бирлаштириш ҳамда минтақани атроф-муҳит жиҳатидан барқарор ва маданий бойитувчи ўлкага айлантиришни мақсад қилган.
