Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш мақсадида навбатдаги маҳорат дарси ташкил этилди.
2025-04-30 21:50:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбирда Ғиждувон кулолчилик мактабининг йирик намояндаларидан бири, Нарзуллаевлар сулоласининг давомчиси Дилноза Нарзуллаева иштирок этиб, амалий машғулот мобайнида қадимий қўл каштачилиги санъатининг нафис жиҳатларига оид қимматли фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Маҳорат дарси чоғида иштирокчилар бевосита кашта тикиш жараёнида қатнашиш, ушбу санъатнинг сир-асрорлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Ушбу тадбир меҳмонлар ва ҳунармандчилик ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотди.
Маълумот учун, жорий йилнинг И чораги давомида Маданий мерос агентлиги тизимидаги давлат музей ва музей-қўриқхоналарида 1,511 та тадбир ташкил этилди. Жумладан 54 та илмий-амалий анжуман ва машғулотлар, 112 та театрлаштирилган саҳна намойишлари, 176 та кўргазма ва 58 та сайёр кўчма кўргазма, 406 та маҳорат дарслари ҳамда 705 та маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
