#расмий_муносабат
2025-04-14 11:55:00 / Янгиликлар

Даврий нашрлардан бирида “Ёғочли Сардобанинг истиқболи қандай бўлади?” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Унда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида жойлашган “Сардоба (оғочли)” тарихий масканни обод қилиш учун бир неча бор лойиҳалар тақдимоти ўтказилган бўлса-да, амалда ўзгаришлар бўлмаётгани баён этилган. Мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Тегишли ҳужжатга асосан “Сардоба (оғочли)” маданий-мерос ёдгорлиги теварак-атрофидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уни ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишиш белгиланган. Ҳужжатга мувофиқ “Сардоба (оғочли)” объектига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, санитария-гигиена шохобчаларини қуриш, миллий ҳунармандчилик савдо расталарини ўрнатиш, ёдгорлик дарвозасининг олдида замонавий айвон ташкил этиш, обида атрофини 3D темир панжаралар билан ўраш ҳамда манзарали дарахтлар экиш белгиланган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида “Маданий мерос илмий-тадқиқот институти” давлат муассасаси томонидан “Сардоба (оғочли)” объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Шундан сўнг, Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва ёдгорликка ишчи ўринларини ажратилиши юзасидан якуний хулоса берилади. Лойиҳа ҳужжатлари асосида бажариладиган ишлар Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Маълумот учун, 2025-йилнинг июл ойида Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 47-сессиясида “Ипак йўли: Фарғона-Сирдарё коридори” номинацияси кўриб чиқилади. Сессияда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида жойлашган “Сардоба (оғочли)” меъморий ёдгорлиги ҳамда қўшимча 14 объект ЮНEСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ХВИ асрга тааллуқли архитектура ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан Маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
