#расмий_муносабат
2025-04-07 14:10:00 / Янгиликлар

Оммавий ахборот воситаларининг бирида “Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олинади” сарлавҳаси остида хабар тарқалди. Мазкур маълумотлар юзасидан Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6165 сон фармони қабул қилинган. Ушбу фармонга кўра, Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза” қабристонида жойлашган “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларни қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Юқоридаги фармойишга асосан, “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасининг атрофини кенгайтириш мақсадида 217 та фуқароларга тегишли бўлган турар-жой бинолари бузилиши қайд этилган. Ушбу бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846 сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги 5150 сонли қарорининг 4 бандида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган. Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
2025 йилнинг 6 март куни Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 4-сонли йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилган ва якуний хулоса берилган. Кенгаш хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 9 феврал куни қабул қилинган 6165 сонли фармойиши маълумот ва ижро учун қабул қилинган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Имом Мотуридий мажмуаси”нинг атрофини кенгайтириш ва ишлари юзасидан таклиф маъқулланган. Шунингдек, Илмий-эксперт кенгаши баёнида Маданий мерос агентлиги “Имом Мотуридий мажмуаси” атрофини кенгаштириш ва ободонлаштириш лойиҳаси билан Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилиш чораларини кўриш белгиланган. Шу билан бирга ҳужжатда ушбу ҳудудларда олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилган. Мазкур ҳудудда амалга ошириладиган кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларининг назорати Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июндаги “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги 781 сонли қарори асосида, уй-жойлари бузилаётган аҳоли вакилларининг турар-жойлари бозор қийматида ҳисобланади ва белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 14 мартда “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги 102 сонли қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2025-йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.
