#расмий_муносабат
2025-03-19 14:15:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган 1928-йилда қурилган “Геология музейининг биноси бузилаётганлиги” ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур вазият юзасидан Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикасининг 2001-йил 30-августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 20-моддаси 5-бандида “Моддий маданий мерос объектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш – моддий маданий мерос объектининг тарихий-бадиий қимматини ва асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи” моддий маданий мерос объектларини консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш каби маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари сифатида белгилаб қўйилган.
2024-йилнинг охирида Геология музейи Тарас Шевченко кўчасидан Мирзо Улуғбек тумани Олимлар кўчаси, 64-уйга барча экспонатлари билан бирга кўчирилган. Т.Шевченко кўчасидаги бино бугунги кунда бўм-бўш ҳолатда турибди. Фақатгина Геология музейи сифатида фойдаланилган бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида қайд этилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва сармоядор ўртасида 2022-йил 10-май куни олди-сотди шартномаси тузилган. Ушбу шартнома асосида корхона томонидан Миробод туманининг Тарас Шевченко кўчаси, 11 ва 11А-уйларда жойлашган бино-иншоотлар “E-auksion” орқали сотиб олинган. Хусусий тадбиркор томонидан харид қилинган бино-иншоотлар, хусусан, собиқ Геология музейи биносига зарар етказмаслик шарти билан ҳамда музейнинг туташ деворини ўз ҳисобидан тарихий, қадимий тусга келтириб тиклаб беришга кафолат бериш мажбурияти билан Маданий мерос агентлигига мурожаат йўлланган. Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2024-йил 23-март куни имзолаган 13-сонли йиғилиш баёнида Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 11-уй манзилида жойлашган собиқ Геология музейи биносининг муҳофаза ҳудудида кўп қаватли турар-жой биносини қуриш лойиҳаси, маданий мерос объектидан 50 метр масофани сақлаган ҳолда қурилиш ишларини олиб борилишига рухсат берилган.
2024-йил 9-июл куни сармоядор томонидан пойтахтнинг Миробод тумани, Тарас Шевченко 11-уй манзилида жойлашган бино-иншоотларни реконструкция ва қайта мослаштириш бўйича ўрнатилган тартибда лойиҳа ҳужжатларининг таклифи ишлаб чиқилиб, Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармасига тақдим этилган. Ушбу мурожаат юзасидан Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда батафсил ўрганилган. Кенгаш аъзоларига кўра, Тарас Шевченко кўчаси, 11А-уйда жойлашган собиқ Геология музейи биносига туташ қурилган манзилдаги бино-иншоотни тадбиркор томонидан харид қилинган, Маданий мерос ҳисобланмаган қисминигина бузишдан аввал ушбу бинонинг дастлабки қиёфасидаги асл лойиҳасини топиш ва архив маълумотларини батафсил ўрганиб чиқиш зарурлиги таъкидланган. Хусусан, Тарас Шевченко кўчасидаги бинода объектнинг намгарчилигини қочириш ва шўрланишнинг олдини олиш учун амалга ошириладиган зондлаб текшириш чора-тадбир ишларини олиб бориш белгиланган.
Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилганидан сўнг, 2024-йилнинг 1-август куни юқорида кўрсатилган манзилда бузиш реновация ишлари лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилган. Ушбу ишларни олиб бориш жараёнида ушбу бино маданий мерос объектидан бузиш режалаштирилган бино пойдевори 5 метрдан кам бўлмаган қисмини сақлаб қолиш ҳамда тарихий бинога туташ жойда темир бетон қисмлари таянч ҳолда сақланиб қолдириш шарт экани белгилаб қўйилган. Мазкур бинонинг ташқи кўринишидаги асосий архитектура, меъморий ечимларини сақлаб қолиш ва реконструкция қилиш қисмида ҳам сақлаб қолиниши тавсия этилган. Мазкур ишларни олиб боришда Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши аъзолари Ф.Усмонов, Х.Султонов ҳамда М.Мумин-Охуновалар назорати остида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 20-майдаги 295-сон қарорнинг 5-бандида “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан хулоса бериш” вазифалари белгиланган.
Геология музейи ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тасарруфида бўлиб, ҳозирда музейни қайта очиш жараёнлари кетмоқда.
