Қорақалпоғистон музей ходимларининг касбий маҳоратлари янги босқичда
2025-03-04 17:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан 3–15 февраль кунлари Игор Савитский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейининг 20 нафар ходимлари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги йирик музейларга малака ошириш амалиётини ўташ учун ташриф буюрдилар.
Ўқув жараёни юқори савияда ташкил этилди. Унда музей раҳбарларидан тортиб то кадрлар бўлими ходимлари, ғазначи ва чипта назоратчиларигача иштирок этишди. Амалиётчилар Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонасига ҳар бир ходим лавозимининг функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда йўналтирилдилар.
Ўқув курси мобайнида музей ходимлари музейнинг илмий концепциясини яратиш, экспозиция тузиш усуллари, замонавий технологияларни жорий қилиш ва улардан фойдаланиш, илмий-тадқиқот, тарғибот-ташвиқот, музей маркетинги ва менежменти йўналишларидаги ишларни самарали йўлга қўйиш, шунингдек, экскурсияни амалга ошириш техникаси, ахборот етказувчи контентлар (экспликация, этикетаж ва бошқалар)ни яратиш ва улардан тўғри фойдаланиш каби фаолият турлари билан танишиб чиқиб, мутахассислик учун зарур бўлган кўникмаларни олдилар.
Мазкур амалий сайёр машғулоти Қорақалпоғистон музей соҳасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, малака ошириш нафақат, шунчаки, расмиятчилик, балки музейларнинг самарадорлигини ошириш ва мутахассислар касбий фаолиятини янада такомиллаштиришда салмоқли восита эканлигини намойиш этди. Ўқув курси давомида орттирилган билим ва услубларни амалиётга татбиқ этиш, музейларни ташриф буюрувчилар учун янада мароқли, замонавий ва қулай масканга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ушбу тажриба Ўзбекистон музейлари ўртасида ҳудудлараро теран ҳамкорлик ва янги истиқболли лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
