#биласизми?
2025-02-21 19:15:00 / Янгиликлар

Хусусий мулк ҳисобланган моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш мезонлари қандай?
Бугун #биласизми рукни орқали ушбу объектлардан фойдаланиш тартиби қандай эканлиги ҳақида сўз юритамиз. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан юртимиздаги 8 минг 300 дан ортиқ тарихий, бадиий ёки ўзга маданий қимматга эга ёдгорликлар ушбу рўйхатга жамланган. Улар орасида 527 та объект хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган. Ушбу маданий мерос объектларининг аксарияти ХИХ-ХХ асрларда бунёд этилган чойхона, ҳаммом, ҳовли, хонадон, мозаика композициялари, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, оромгоҳлар, деворий суратлар ҳамда фуқаролик иншоотларидан иборатдир.
Ўзбекистондаги маданий мерос объектлари давлат томонидан доимий назорат қилиб борилади. Улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги 1990-йил 31-сентябрдаги қонунининг 7-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 30-мартдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги 265-сонли қарори асосида амалга оширилади ва тартибга солинади.
Объектлардан музей, галерея, маданий марказ ёки туризм мақсадида фойдаланиш мумкин. Маданий мерос объектига тегишли хусусий мулкни бузиш ва қайта қуриш қатъиян ман этилади. Хусусий мулк эгаси объектдаги ҳар қандай реконструкция, таъмирлаш ёки ўзгартириш ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳолда амалга ошириши шартлиги белгилаб қўйилган. Ўз навбатида хусусий мулкдан фойдаланишнинг бир нечта шартлари мавжуд. Хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган маданий мерос объектларидан фойдаланишнинг бир нечта қоидалари мавжуд, яъни хусусий мулк соҳиблари объектларни асл ҳолатини сақлаш мажбуриятига эга.
Агар таъмирлаш ёки реставрация зарур бўлса, у фақат Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг тегишли рухсати билан амалга оширилади. Агар объект ресторан, меҳмонхона ёки бошқа тижорат мақсадларида фойдаланилса, унинг тарихий аҳамияти ва маданий қадриятига зарар етказмаслиги белгилаб қўйилган. Ундан ташқари маданий мерос объекти ҳисобланган хусусий мулкни сотиш ёки сотиб олиш амалдаги қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади. Бироқ маданий мерос объектини сотиб олган шахс уни асраб-авайлаш, асл қиёфасини сақлаш, реставрация қилиш ва қонун талабларига риоя қилиш мажбуриятини олади. Фуқаро номида бўлган объектни сотиш ёки ижарага бериш бўйича эса ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.
Маданий мерос объектлари хусусий мулк сифатида рўйхатга олинса ҳам, улар устидан давлат қатъий назорат ўрнатади. Хусусий мулк эгаси объектнинг асл қиёфасини сақлаш, реставрация қилиш ва қонун талабларига риоя қилиш мажбуриятларини ўз зиммасига олади. Агар ушбу шартлар бузилса, давлат назорат органлари томонидан мулкдорларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик қўллаши белгилаб қўйилган.
