#расмий_муносабат
2025-02-17 11:40:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида “Давлат муҳофазасида бўлган тарихий обида” сарлавҳаси остида пост қолдирилган. Унда Бухоро шаҳрида жойлашган “Мағоки Аттори” масжидининг кириш қисми таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани акс этган. Жойланган пост юзасидан Маданий мерос агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ушбу ёдгорлик 1993-йилда “Бухоро тарихий маркази” таркибида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос миллий рўйхатига киритилган. Ҳозирда мажмуада “Бухоро” давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги “Гиламлар музейи” фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ҳозирги вақтда “Мағоки Аттори” масжидини қайта тиклаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда обиданинг кириш қисмидаги ўймакор безакларини консервация ва реставрация қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 19-июндаги 5150-сонли қарорнинг 4-моддасида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилади. Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия орқали ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази билан келишилиши белгилаб қўйилган.
Маълумот учун, ўзининг ўймакор нақшлари билан машҳур бўлган “Мағоки Аттори” мажмуаси ХИИ-ХВИ асрларга оид бўлиб ер сатҳидан 4.5 метр пастда жойлашган. Бухоро шаҳрида жойлашган тарихий ёдгорликлардан бугунги кунгача сақланиб қолганлар орасида ушбу объект энг қадимийларидан бири ҳисобланади. Мағокда, яъни чуқурликда ҳамда аттор бозорлари яқинида жойлашгани сабабли “Мағоки Аттори” масжиди деб номланган.
