#расмий_муносабат
2025-02-14 16:45:00 / Янгиликлар

Оммавий ахборот воситаларининг бирида “40 хонали катта бино – Навоий туғилган кунда унинг музейига бориш нега ноқулай?” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Тарқалган хабар юзасидан Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мақолада келтирилган объект Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманининг А.Навоий кўчасида жойлашган бўлиб, мажмуа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос миллий рўйхатига киритилган.
Ўрганишлар давомида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг том ҳамда бинони иситиш тизими 2024-йилда реконструкция қилинганлиги маълум бўлди. Ҳозирги вақтда объектнинг ташқи фасад ва ички қисимларини пардозлаш ишлари учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Қурилиш ишлари учун белгиланган пул маблағлари ажратилганидан сўнг, таъмирлаш ишлари хусусий пудрат ташкилот томонидан жорий 2025-йилда амалга оширилиши режалаштирилган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаб қолиш иши нафақат давлат идоралари, балки жамоатчилик ва маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозимлигини эътироф этган ҳолда ушбу ва бошқа тарихий объектларни асраб-авайлашда жамоатчиликни фаол иштирок этишда давом этишга чақирамиз.
