#расмий_муносабат
2025-02-14 10:40:00 / Янгиликлар

Жамоатчилик томонидан “Тошкентда қурувчи ҳокимиятнинг рухсати билан Тошкент шаҳрида жойлашган тарихий “Мутахассислар уйи” мажмуасининг муҳофаза зонасида маҳалла қўмитаси биносини бузиб, меҳмонхона қуришни режалаштириётгани” танқидий руҳдаги кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жойланган постлар юзасидан Маданий мерос агентлиги ва унинг Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари пойтахтнинг Бешёғоч кўчасида жойлашган 16–18-уйларда ўрганиш ишларини олиб борди. Ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур турар-жой бинолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002-йил 29-июлдаги 269-сон қарорининг 4-иловаси билан “Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси тўғрисида”ги низомнинг 4-бандига биноан тарихий-маданий экспертизадан ўтказилди.
Шунингдек, 2025-йилнинг 7-феврал куни бўлиб ўтган Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги мажлисида Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бешёғоч кўчаси,16–18 манзилида жойлашган “4 қаватли тураржой бинолари”нинг тарихий, илмий, бадиий аҳамияти ҳамда ХХ аср биринчи ярми Тошкент меъморчилигининг ёрқин намунаси эканлигини инобатга олиб, мазкур объектларни республика тоифасидаги архитектура ёдгорлиги сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритиш таклифи маъқулланди. Ҳозирги кунда Маданий мерос агентлиги томонидан ушбу объектларни ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига киритиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг 2001-йил 30-августдаги 269-ИИ-сонли Қонунининг 12-моддасида “Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган янги аниқланган моддий маданий мерос объектлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши тўғрисидаги масала ҳал қилингунгача ушбу Қонун талабларига мувофиқ муҳофаза қилиниши кераклиги” белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 19-июндаги ПҚ-5150-сонли Қарорининг 4-бандида:
– соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари Агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланиши;
– моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 15-октабрдаги 649-сон қарори низомининг 6-бандида:
– Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, эндиликда “Мутахассислар мажмуаси” бинолари маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинганлигини маълум қиламиз.
