Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди
2025-02-11 12:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 10-феврал куни Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янгиланган аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишнинг кун тартибидан Жамоатчилик кенгаши раисини сайлаш ва аъзоларини тайинлаш ҳамда Агентликнинг 2024-йилги фаолияти ва жорий йилда амалга ошириш мўлжалланган режаларни муҳокама қилиш масалалари ўрин олди. Йиғилишни Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев очиб берди.
Маълумки, 2024-йилнинг 26-август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сон фармони қабул қилинди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш, Маданий мерос агентлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида Жамоатчилик кенгашининг таркиби янгиланди.
Бўлиб ўтган йиғилишда жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди. Кенгаш фаолиятининг ташкил этилиши Маданий мерос агентлиги фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутиб, ҳар бир ходимда ўз ишига масъулият ортиши, юртга дахлдорлик туйғуси шаклланишига хизмат қилиши ҳақида ҳам сўз борди.
Шунингдек, йиғилишда Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янгилан таркиби таништирилди ва бир овоздан 2025-йил учун Кенгашнинг раиси этиб Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Исмаилова Жаннат Ҳамидовна сайланди. Йиғилишда Кенгаш аъзоларига Агентликнинг 2024-йилда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди ва белгиланган вазифаларни янада самарали бажариш юзасидан фикр алмашилди. Йиғилишда Кенгашнинг 2025-йилга мўлжалланган аниқ тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Маълумот учун, Жамоатчилик кенгаши таркиби раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат бўлиб, кенгашнинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланади. Улар давлат органи раҳбарининг қарорига асосан тузилиб, унга меҳнат фахрийлари, обрўли фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қабул қилинади.
Жамоатчилик кенгашининг тўлиқ таркиби яқин кунларда Агентлик расмий саҳифаларида эълон қилинади.
