Алишер Навоий асарларининг чет элларда сақланаётган қўлёзмалари
2025-02-09 18:05:00 / Янгиликлар

Ҳар йили 9 феврал юртимизда улуғ мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд топган куни сифатида кенг нишонланади. Адибнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Шу маънода Навоий ижод маҳсуллари юзлаб тилларга таржима қилинган. Ҳозирда улуғ шоир асарларининг қўлёзмалари дунёнинг 5 қитъасида жойлашган турли хорижий давлатлардаги музей, кутубхоналарда сақланиб келмоқда. Ўз навбатида, ушбу қўлёзмаларни аниқлаш, уларнинг электрон нусхаларини олиш ва тадқиқ қилиш мақсадида Маданий мерос агентлигида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижасида мутафаккир асарларининг кўплаб қўлёзмаларига оид маълумотлар аниқланди.
Хусусан, унинг “Девон” ва “Куллиёт”лари, “Хамса”, “Лисон ат-тайр”, “Хазоин ал-маоний”, “Арбаин”, “Вақфия” ва бошқа асарларининг 13 та хорижий давлатда сақланаётган 450 дан ортиқ нусхаси ҳақидаги маълумотлар тўпланди. Улар Америка Қўшма Штатлари, Франция, Германия, Италия, Озарбайжон, Россия, Туркия каби давлатларда сақланиб келинмоқда.
Эътиборлиси, ушбу қўлёзмалар ҳақидаги маълумотлар Агентликда нашр этилган “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг И-ИИИ жилдларига киритилган.
Шунингдек, Агентлик томонидан бугунгача Алишер Навоийнинг хорижда сақланаётган 10 дан ортиқ қўлёзмасининг электрон нусхалари олинган. Улар орасида Туркиянинг Сулаймония кутубхонаси Аё-София фондида сақланаётган “Бадое ал-бидоя” (Бадиийлик ибтидоси) асарининг нусхаси алоҳида қимматлидир. Ушбу ноёб рисола адиб ҳали ҳаётлиги чоғида, 1485-йили машҳур хаттот Султон Али Машҳадий томонидан Ҳирот шаҳрида кўчирилган. Ҳозирда унинг факсимилеси нашрга тайёрланмоқда.
Буюк мутафаккир асарлари қўлёзмаларининг дунё бўйлаб тарқалиши, сўзсиз, ҳам Ғарб, ҳам Шарқда шеърият султони Алишер Навоийнинг адабий ва илмий меросига бўлган катта қизиқишдан далолатдир.
