Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди
2025-02-07 11:15:00 / Янгиликлар

Жорий йил 7-феврал куни Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2025-йилдаги навбатдаги йиғилиши Тошкентдаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институтида ўтказилди. Ушбу мажлисда Кенгаш аъзолари томонидан ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган долзарб лойиҳалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш кун тартибидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани, Бешёғоч кўчасида жойлашган 4 қаватли турар жой биноларини Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритиш бўйича таклиф ва Шайхонтоҳур тумани, Нурафшон кўчасида жойлашган “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлигининг теварак-атрофини ободонлаштириш ҳамда ёдгорлик ҳудудини девор билан ўраш бўйича тайёрланган лойиҳалар ўрин олган. Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан муҳокама қилинадиган лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар билан Маданий мерос агентлигининг расмий сайти орқали танишиб чиқишингиз мумкин.
Маълумот учун, 2024-йилнинг 20-май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорга мувофиқ Кенгашга моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий ва маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулоса бериш каби қатор вазифалар юклатилган.
