#расмий_муносабат
2025-02-06 10:00:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида “Андижон вилоятида тадбиркор томонидан Авлиё Николай черкови – маданий мерос ёдгорлиги яқинида кўп қаватли уй қурилмоқда” сарлавҳаси остида хабар тарқалди. Маданий мерос агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Андижон шаҳрида жойлашган “Авлиё Николай черков биноси” архитектура ёдгорлиги сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарорига асосан “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхати”га киритилган. Ёдгорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 31-майдаги 102-сонли баёнига асосан Маданий мерос агентлиги томонидан республика бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Архитектура ёдгорлигининг муҳофаза ҳудудига хусусий корхонага тегишли бўлган ер майдони кўп қаватли турар-жой қурилиш учун таклифи лойиҳа тайёрланиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига кўриб чиқиш учун юборилди.
Лойиҳа Кенгашнинг 2024-йил 4–6-декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 22-сонли баёнида кўриб чиқиб, муҳофаза ҳудудини ва ташқи кўринишини тўсмаслик шарти билан маъқулланган.
Ўрганишлар давомида қурувчи ташкилот томонидан қурилиш амалга оширилаётган ер майдони моддий маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудида жойлашган хусусий мулкдорга тегишли эканлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу ҳолат бўйича хусусий корхона раҳбарига қурилиш ишларини муҳофаза ҳудудидан 5-10 метргача сақлаган ҳолда олиб бориш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
