#расмий муносабат
2025-02-04 20:15:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида Бухорода эски маҳаллалардаги йўл қайта қурилаётгани, аммо ушбу жараёнда маълум бир қоидаларга амал қилинмаётгани яъни уйлар орасида ёмғир (қор) сувларини қочириш тармоқлари йўқлиги танқид қилинган. Ҳолат шу тарзда давом этса Бухорога катта зарар етиши ҳақида ҳам сўз борган.
Маданий мерос агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси вазиятни жойига чиққан ҳолда синчковлик билан ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:
Давлат раҳбарининг 2024-йил 31-май – 1-июн кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ, аҳоли ва сайёҳларга қулайлик яратиш ҳамда маданий мерос объектларига техноген жараёнлар таъсирини олдини олиш мақсадида Бухоро тарихий марказида “Чор минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Зиндон” ва “Масжиди Калон” объектлари ҳудудидан ёмғир (қор) сувларини қочириш тармоқларни ўрнатиш ишлари бошланган.
Мазкур лойиҳа бўйича ишлар ваколатли орган - Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосаси ва тавсиялари асосида олиб борилмоқда.
Лойиҳага кўра, тор кўчаларда бетон қопламали плиткаларни кўчириш, ёмғир (қор) сувларини аҳоли хонадонлари ва маданий мерос объектларига таъсир этмаган ҳолда махсус дренаж (шахта) ва анъанавий тик қудуқ қазиш усули орқали қочириш мўлжалланган. Бундай ёндашув маданий мерос объектларининг яхлитлигини сақлаб қолган ҳолда ер усти сувларини самарали чиқариб юбориш имконини беради.
Айни пайтда, бу лойиҳа бўйича буюртмачи ҳамда пудрат ташкилот белгиланган бўлиб, малакали лойиҳачи ва уста-реставраторларни жалб қилган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ва муҳандислик коммуникациялари (электр, газ ва алоқа тармоқлари)ни ер ости орқали ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу эса айни жараёнда энг юқори стандартларга риоя қилинишини таъминлайди.
Мазкур ишлар Самарқанд археология институтининг археологлари, экспертлар ва Маданий мерос агентлиги вакиллари назорати остида бажарилмоқда.
