Шота Руставели кўчасида жойлашган 22-уй: вазиятга ойдинлик киритиш
2025-01-28 16:30:00 / Янгиликлар

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчасидаги 22-сон турар-жой биносининг бузилиши мўлжалланаётгани ҳақидаги хабар жадаллик билан тарқалмоқда. Унга кўра, гўё уй фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш орқали феврал ойида бузиб ташлашга ҳозирланмоқда.
Маданий мерос агентлиги вазиятни жойига чиққан ҳолда синчковлик билан ўрганиб чиқиб, қуйидигиларни маълум қилади:
1. Иншоот мақоми
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 846-сонли қарорига мувофиқ мазкур турар-жой биноси Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатидан ўрин олмаган. Бироқ ҳозирда уни мазкур реестрга киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
2. Режалаштирилаётган ишлар
Ўрганишлар якунига етгач, мазкур масала Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши эътиборига кўриб чиқиш учун ҳавола этилади.
3. Бузиш тўғрисидаги қарорнинг мавжуд эмаслиги
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълумотларига кўра, айни пайтда 22-сонли уйни бузиш тўғрисида расмий қарор қабул қилинмаган.
Агентлик шуни эслатиб ўтадики, тарихий ва маданий қийматга эга объектларга нисбатан ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ихтисослашган идоралар томонидан пухта таҳлил қилиниб, келишилганидан сўнггина амалга оширилади.
Биз жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини аҳоли ўртасида хавотир уйғотадиган тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақириб қоламиз. Ушбу объект мақоми билан боғлиқ барча ўзгаришлар расман эълон қилинади.
Агар сизда ушбу уй билан боғлиқ қўшимча маълумот ёки саволлар мавжуд бўлса, Маданий мерос агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин.
#МеросниСақлаймиз #Тошкент #МаданийМерос