Илмий-эксперт кенгашининг йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади
2025-01-06 10:25:00 / Янгиликлар
Жорий йил 7−10-январ кунлари Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2025-йилги йиғилиши Тошкентдаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институтида ўтказилади. Ушбу мажлисда Кенгаш аъзолари томонидан 160 та долзарб лойиҳалар кўриб чиқилади.
Йиғилиш кун тартибидан Бухоро шаҳрида жойлашган “Арк мажмуаси” маданий мерос объекти ҳудудида санитария-гигиена шохобчасини қуриш лойиҳаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида жойлашган “Шайх Аббос Вали” зиёратгоҳининг муҳофаза теграсида спорт зал ва мини-футбол майдончасини қуриш лойиҳаси каби лойиҳалар ўрин олган. Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан муҳокама қилинадиган лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар билан Маданий мерос агентлигининг расмий сайти орқали танишиб чиқишингиз мумкин.
Маълумот учун, 2024-йилнинг 20-май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ Кенгашга моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулоса беришга доир қатор вазифалар белгиланган.