“Ўзбекистонга оид Ал-Азҳар университети кутубхонасидаги қўлёзма асарлар реестри” китобининг тақдимоти ўтказилди
2024-12-27 13:20:00 / Янгиликлар

2024-йилнинг 26-декабрь куни Маданий мерос агентлигида фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодиров томонидан жамланган “Ўзбекистонга оид Ал-Азҳар университети кутубхонасидаги қўлёзма асарлар реестри” номли янги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев, илм-фан намояндалари, олимлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар. Мазкур ноёб рисолани жамлашда профессорга агентлик ходими Ирода Каюмова бемисил жонбозлик кўрсатган хамда ўзбекистонлик ва хорижий олимларнинг илмий изланишлари маҳсули ўлароқ қарийб 2,5 мингта қўлёзманинг батафсил библиографик тавсифи келтирилган.
Нашрдан чиққан янги китоб Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Элчихонасининг амалий кўмагида олинган, “Ал-Азҳар аш-Шариф (университети)” кутубхонасининг 2016-йилда нашр этилган 49,361 та қўлёзмасига тааллуқли илмий тавсифлардан иборат 28 жилддан иборат салмоқли босма нашрлар ва электрон маълумотлар базаси асосида саралаб тайёрланган.
Ушбу реестрни ишлаб чиқишда илмий тадқиқотлар асносида авваламбор Мовароуннаҳр алломалари томонидан ёзилган асарлар ва улар қолдирган нодир шарҳлар нусхаларига эътибор қаратилиб, нашрга киритилди. Барча илмий тавсифларни манбада, яъни “Ал-Азҳар аш-Шариф (университети) кутубхонаси қўлёзмалари фиҳристи”да келтирилган маълумотлар асосида, яъни уларни ўзгартирмаган ҳолда баён этилган. Фиҳристдаги мазкур қўлёзма нусхалари ичидан бевосита Ўзбекистон олимлари томонидан ёзилган ёки уларнинг асарларига оид шарҳлардан ташкил топган 2,428 та қўлёзмага оид маълумот мавжуд.
Мазкур нашр Маданий мерос агентлиги тизимидаги ташкилотлар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби илм ва маърифат даргоҳлари, шаҳар ва вилоятлар кутубхоналари ҳамда соҳа мутахассисларига беғараз тақдим этилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Ал-Азҳар аш-Шариф (университети) кутубхонаси 381-ҳижрий/милодий 992-йили, яъни ал-Азҳар масжиди ташкил этилганидан 20 йил ўтганидан сўнг ўз фаолиятини бошлаган. Муҳташам ва нуфузли кутубхона тахминан 1031 йил мобайнида ҳам Шарқ, ҳам Ғарбдаги тарих тилсимларини қайта кашф этишга бел боғлаган фойдаланувчиларга холис хизмат қилиб келмоқда.
