“Wiki yodgorliklarni sevadi” халқаро фотосуратлар танлови ғолиблари аниқланди
2024-12-26 15:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг октабр ойида Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда “Wiki yodgorliklarni sevadi” халқаро фотосуратлар танлови бўлиб ўтган эди. Иштирокчилар юртимиздаги маданий мерос объектларини турли ракурслардан суратга олган ҳолда мусобақада иштирок этишди. Танловнинг 2-босқичида 174 та сурат халқаро ва маҳаллий ҳакамлар ҳайъати томонидан юртимизнинг турли ҳудудларидаги обидаларни акс эттирувчи бир-биридан ажойиб суратлар орасидан танлаб олинди.
2024-йилнинг 24-декабрь куни танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Халқаро танловда Шоҳруҳ Абдиваҳобов, Умид Бакоев, Иван Бешев, Екатерина Борисова, Сергей Крилов, Хумоюн Меҳридинов, Марат Наджибаев, Арина Пан ва Дина Халиковалар ғолиб деб топилдилар. Улар юртимиздаги маданий мерос объектлари ҳамда музейларга ташриф буюриш учун бир йиллик бепул ваучер ва сертификатга ҳам эга бўлишди.
Маълумот учун, 2010-йилдан бери 50 дан ортиқ мамлакатлар иштирок этиб келаётган халқаро танловнинг мақсади тарихий бинолар ва диққатга сазовор масканларни тарих зарварақларига ўзига хос ва кўркам равишда муҳрлаб, уларни маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида тарғиб этишга қаратилган. Шунингдек, танловдан кўзланган мақсад меъморий ёдгорликларни асраб-авайлаш, маданий мерос объектларига кенг жамоатчилик эътиборини ошириш ҳамда сайёҳлик ривожига ҳисса қўшишдан иборат.
Ғолибликка муносиб кўрилган фотосуратларни бу ерда томоша қилишингиз мумкин.
