Й. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтида йил сарҳисоби бўлиб ўтди
2024-12-20 16:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Й. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтида жорий йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар юзасидан йиллик ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди.
Йил давомида институт ходимлари томонидан республика бўйича 53 та археологик қазув ва қидирув ишлари амалга оширилди. Жорий йилда олийгоҳ олимлари томонидан 174 та илмий ишлар хорижий ва маҳаллий нашрларда чоп этилди. Шу йилнинг ўзида институтда 29 та халқаро, 62 та маҳаллий илмий конференциялар ташкил этилди.
Ҳозирги вақтда Самарқанд археология институтида 3 та халқаро, Инновацион ривожланиш агентлигининг 2 та гранти амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, халқаро грант доирасида 2024-йилда институт қошида “Археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилиш” маркази ташкил қилинди.
Тадқиқот ишларини оммалаштириш, Маданий мерос объектларини кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида Болоня университети билан ҳамкорликда Кофирқалъа ёдгорлигини археология паркига айлантириш бўйича лойиҳа ЮНEСКОга тақдим қилинди. Режа доирасида 2025-йилнинг кузида археология паркининг очилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари ҳозирда институт ходимлари томонидан Корея маданий мерос агентлиги билан биргаликда Қизлартепа археология ёдгорлигини археология паркига айлантириш борасида концепция ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 2026-йилда ёдгорликни археология паркига айлантириш режалаштирилган.
