9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
2024-12-12 17:45:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 10-декабрь куни Маданий мерос агентлигида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Коррупцияга қарши курашиш” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда коррупцияга қарши курашиш борасида давлатимизда олиб борилаётган сиёсат ва унинг устувор йўналишлари, Агентлик тизимида мазкур муаммога қарши курашиш, олдини олиш ва унга чек қўйишга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Давра суҳбатида Маданий мерос агентлиги томонидан коррупциявий ҳолатларнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши курашиш энг устувор вазифа этиб белгилангани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда ушбу йўналишни такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳукуматимиз олдида турган асосий вазифалардан бири саналади. Айнан шу мақсадда мамлакатимизда соҳага тааллуқли 13 та, шунингдек, бошқа йўналишлардаги ислоҳотлар натижасида коррупция омилларини қисқартиришга қаратилган 24 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Йиғилишда Агентликнинг марказий аппарати ходимлари билан бирга "Зоом" платформаси орқали ҳудудий бошқарма ходимлари ҳам онлайн иштирок этишди. Семинар якунида улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Маълумот учун, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003-йил 21-ноябрдаги резолюциясига мувофиқ 2004-йилдан бошлаб нишонланиб келинмоқда. Кўзланган мақсад эса коррупция муаммосини бартараф этиш, унинг вужудга келишини олдини олиш ва қарши курашишда Конвенциянинг ролини кучайтиришдан иборат. Шундан келиб чиқиб, кўплаб мамлакатларда мазкур санага бағишлаб турли тадбирлар ўтказилади.
