Маданий мерос агентлиги КОИCА билан 8,49 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳани имзолади
2024-12-11 16:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11-декабрь куни Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп ҳамда Агентлик ва ваколатхона масъул ходимлари иштирокида лойиҳани имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур умумий қиймати 8,49 млн. АҚШ доллари бўлган “Ўзбекистонда маданий меросни рақамли интеграциялашган бошқаруви ва ундан фойдаланиш” номли лойиҳа 2025-2028-йиллар оралиғида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Корея Республикаси экспертлар гуруҳи ҳамда КОИCАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилади.
Ушбу лойиҳа орқали:
• маданий меросни бошқариш бўйича ўрта ва узоқ муддатли мастер-режа яратиш;
• маданий мерос объектларининг рақамли маълумотлар базасини яратиш;
• объектларни бошқариш учун платформа яратиш;
• мутахассислар малакасини ошириш;
• ускуналарни харид қилиш;
• ва маданий мерос бўйича рақамли сайёҳлик мазмунига эга маълумотларни яратишга эришилади.
Икки томонлама имзоланган шартнома келгусида мамлакатлар ўртасидаги яқин дўстлик ва шерикчилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ёрдам бериши таъкидланди.
