Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтида Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги давом этмоқда
2024-11-20 15:55:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 18-ноябрь куни Й.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтида Корея мерос агентлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган ривожланиш бўйича расмий кўмак (ОДА) лойиҳаси доирасида 2024-йил якунларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Мазкур семинар-тренингда “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси, “Бухоро” давлат музей-қўриқхонаси, “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси, Фанлар академиясининг Миллий археология маркази, Санъатшунослик институти ходимлари иштирок этишди.
Малака алмашиш майдонига айланган йиғилишнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ва уларнинг таҳлили, келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди. Жорий йилда ўтказилган ўқув курслари, семинар ва амалий машғулотларда мунтазам иштирок этган қатнашчиларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирнинг иккинчи ярми ривожланиш бўйича расмий кўмак лойиҳаси доирасида олиб борилган амалий ишлар, тадқиқотлар натижаларига бағишланди. Шунингдек, археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилиш, археологик қазишмалар ва уларда қўлланиладиган замонавий тадқиқот усуллари, археологик ёдгорликларни ҳужжатлаштириш, топилмаларни кимёвий, физик усуллар ёрдамида таҳлил қилиш ҳамда уларнинг натижалари бўйича тақдимотлар намойиш этилиб, мавзуларга доир маърузалар тингланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки Самарқанд археология институти ва Корея мерос агентлиги ўртасида 2022-йилнинг 27-июнида имзоланган битимга кўра, ОДА доирасида 2022-2026-йилга мўлжалланган “Самарқанднинг маданий туризм ресурсларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш ҳамда Самарқанд археология институтида замонавий консервация ва реставрация лабораториясини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қиймати 3 млн. 800 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида ҳозирги кунда Институт қошида Маданий меросни бошқариш ва топилмаларни реставрация ҳамда консервация қилиш маркази ташкил этилиб, ҳамкорликда Қизлартепа ёдгорлигида қазув ишлари олиб борилмоқда.
