Бухорода Ўзбек-италян реставрация ўқув маркази фаолият бошлади
2024-10-25 21:10:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 23-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ва Италия Савдо агентлиги ҳамкорлигида Бухоро шаҳрида Ўзбек-италян реставрация ўқув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Агостино Пинна, Италия Савдо агентлиги ижрочи директори Лаура Гранара, Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Азиз Арипджанов, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Шахриёровлар иштирок этишди. Айни жараёнда тегишли баённома имзоланиб, келгусидаги режалар бўйича келишиб олинди.
Ушбу ҳужжат икки мамлакат ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳар икки томоннинг иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятга моликдир.
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан Италия Савдо агентлиги ҳамкорлиги асосида ташкил этилган мазкур марказ маданий меросни асраб-авайлаш ва реставрация соҳасида етакчи мавқени эгаллаган мамлакат ҳисобланган Италия билан тажриба алмашиш йўлидаги муҳим қадам саналади. У кадрлар тайёрлаш ва касбий ўсиш учун муҳим масканга айланиши кутилмоқда.
Марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад реставрация соҳасида етук кадрларни тайёрлаш ҳамда ушбу йўналишда фаолият юритадиган мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишдан иборат.
