Маданий мерос агентлиги ходимлари учун янги қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан ахборот берилди
2024-10-17 09:20:00 / Янгиликлар

Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида давлатимиз тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва реставрация қилиш бўйича яна бир халқаро ташкилотга аъзо бўлди. Маданий мерос агентлигида ушбу ташкилот ва “Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази Уставига (Рим, 2013-йил 29-ноябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонуннинг мазмуни юзасидан ходимлар учун семинар ташкил этилди.
Инсон ресурсларини ривожлантириш бўлими ва Юридик бўлими томонидан ташкил этилган йиғилишда Агентликнинг марказий аппарат ходимлари билан бирга Зоом видеоконференция дастури орқали ҳудудий бошқарма ходимлари ҳам иштирок этдилар. Тадбирда Юридик бўлими бошлиғи Аҳадулло Ахмедов янги қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тадбир иштирокчиларига ахборот берди.
Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази 1956-йилда ташкил этилган бўлиб, унинг қароргоҳи Римда жойлашган. Ҳозирги вақтда 140 қа яқин мамлакат ушбу халқаро ташкилотга аъзо ҳисобланади.
Халқаро тадқиқот маркази таълим, ахборот тарқатиш, тадқиқотлар ва ҳамкорлик, жамоатчилик кампаниялари орқали жаҳон маданий меросини асраб-авайлашга ихтисослашган халқаро ташкилотдир. Ушбу марказ ЮНЕСКОнинг маслаҳат органи бўлиб, ўз мандати доирасида жаҳон маданий мероси объектларида амалга оширишга мўлжалланган лойиҳаларни кўриб чиқишда тегишли хулоса ва тавсиялар тайёрлашга ёрдам беради.
Семинар якунида Агентлик ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олдилар.
