Ўзбекистон давлат санъат музейида франциялик мутахассислар иштирокида реставрация миссияси ўтказилди
2026-11-02 16:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 6–30-октабр кунлари Ўзбекистон давлат санъат музейида Романовлар саройи коллекциясига мансуб тарихий-бадиий ашёларни сақлаш ва реставрация қилишга қаратилган франциялик мутахассисларнинг биринчи реставрация миссияси ташкил этилди.
Миссия доирасида Франциядан ташриф буюрган 9 нафар реставратор томонидан икки йўналишда реставрация ишлари олиб борилди.
Жумладан, Дельфин Эли-Лефевр бошчилигидаги 5 нафар мутахассисдан иборат гуруҳ Романовлар саройи коллекциясига мансуб 7 та мебель буюмида реставрация ишларини амалга оширди.
Шунингдек, Патрисия Верже-Либе раҳбарлигидаги 4 нафар мутахассис томонидан мазкур коллекцияга оид 4 та рангтасвир асари ва уларнинг рамкаларида реставрация ишлари олиб борилди.
Мазкур миссия Романовлар саройи коллекциясидаги тарихий-бадиий ашёларни сақлаш, уларнинг асл ҳолатини асраб қолиш ҳамда реставрация соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.




