Нурота тоғ тизмаси ҳудудида янги археологик ёдгорликлар аниқланди
2026-10-28 11:20:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани тоғ ва тоғолди ҳудудларида олиб борилаётган археологик қидирув тадқиқотлари давомида мезолит ва неолит даврларига оид бўлиши тахмин қилинаётган қоятош расмлари ҳамда бронза даврига оид манзилгоҳ аниқланди.
Тадқиқотлар Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг 2026-йилги дала тадқиқотлари режасига мувофиқ, жорий йилнинг октабр ойида институт илмий ходимлари А. Холматов ва Т. Рўзибоев томонидан олиб борилмоқда.
Дала тадқиқотлари давомида Оқчобсой маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Эгрижарсой, Хўжасой (Бадимин), Галажинсой ва Сумбулсой ҳудудларидаги тош айвонларнинг девор ва шифтларида табиий охра бўёғи билан чизилган қоятош расмлари аниқланди. Дастлабки тахминларга кўра, мазкур тасвирлар мезолит ва неолит даврларига оид бўлиши мумкин.
Шунингдек, Пангат маҳалласи ҳудудида олиб борилган археологик қидирув ишлари натижасида учта нуқтадан бронза даврига оид сопол парчалари топилди. Қумолоқли қишлоғидан 700–800 метр шарқда жойлашган нуқтада 2×1 метр ўлчамдаги шурф қазиш ишлари амалга оширилиб, қалинлиги 60 сантиметр бўлган маданий қатламга эга бронза даври манзилгоҳи аниқланди. Қазишмалар давомида кўплаб сопол бўлаклари ва суяк қолдиқлари қайд этилди.
Аниқланган археологик материалларни қиёсий таҳлил қилиш Нурота тоғ тизмаси ҳудудларининг қадимги аҳоли томонидан ўзлаштирилиш босқичлари ҳамда бошқа ҳудудлардаги қабила ва элатлар билан маданий алоқаларининг ривожланишини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга.
Мазкур топилмалар, хусусан, бронза даврига оид манзилгоҳда аниқланган археологик материалларни янада чуқурроқ ўрганиш учун кенг кўламли қазишма тадқиқотларини олиб бориш зарурлиги қайд этилмоқда.





