#расмий_муносабат
2026-10-26 18:45:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Янгибозор ҳудудида жойлашган қабристоннинг ҳолати кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда қабристондаги айрим қабрлар атрофидаги темир панжаралар шикастлангани ҳамда ҳудудда ёнғин содир бўлгани ҳақида сўз кетган. Мазкур хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Маданий мерос агентлигининг Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан мазкур ҳолат жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш давомида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Иттифоқ МФЙ ҳудудида жойлашган рус-корейс қабристонида давлат муҳофазасига олинган “Аккутайтепа” археология ёдгорлиги мавжудлиги аниқланди. Мазкур қабристон Юқори Чирчиқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси балансида ҳисобланади.
Аниқланишича, қабристон ҳудудида содир бўлган ёнғин оқибатида қуриб қолган ўт-ўлан ва хас-хашаклар ёнган. Бироқ ўрганиш натижаларига кўра, “Аккутайтепа” археология ёдгорлигига зарар етмаган.
Шунингдек, қабристон ҳудудини сақлаш ва ободонлаштириш масалалари Юқори Чирчиқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси ваколатига киради. Айни вақтда мазкур бошқарма томонидан қабристон ҳудудида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
