#расмий_муносабат
2026-10-22 20:20:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида жойлашган Амир Темур (Гўри Амир) мақбарасининг ҳолати юзасидан танқидий мурожаат эълон қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинади.
Самарқанд шаҳрида жойлашган Амир Темур (Гўри Амир) мақбараси Темурийлар даври меъморчилигининг ноёб намуналаридан бири бўлиб, ўзида халқимизнинг бой тарихи, юксак меъморий маҳорати ва маданий меросини мужассам этган. Мажмуанинг кошинкор безаклари, Қуръон оятлари битилган эпиграфик ёзувлари, нақшлари ва гумбаз тузилиши унинг тарихий-бадиий қийматини белгиловчи муҳим унсурлардир.
Асрлар давомида мазкур иншоот турли табиий ва инсон омиллари таъсирида бир неча бор емирилган. XIX аср охири – XX аср бошларига келиб эпиграфик қатламнинг 40–50 фоизи намлик, сейсмик тебраниш ва карбонатлаш жараёнлари натижасида қисман ёки тўлиқ ўчиб кетган. Бироқ бу ўзгаришлар ёдгорликнинг тарихий аҳамиятини камайтирмайди. Аксинча, сақланиб қолган ҳар бир безак, ёзув парчаси ва қурилиш материали обиданинг ўтмиши ҳақида маълумот берувчи муҳим тарихий манба ҳисобланади.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда асосий мақсад уларни янгидан қурилгандек кўринишга келтириш эмас, балки тарихий асл ҳолати, моддий таркиби ва меъморий хусусиятларини имкон қадар сақлаб қолишдир. Шу боис консервация ва реставрация ишлари илмий тадқиқотлар, тарихий манбалар ҳамда тегишли мутахассисларнинг хулосаларига таянган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Мақбара деворларидаги айрим ўчган ёзувлар ёки йўқолган нақшларни етарли тарихий далилларсиз қайта тиклаш обиданинг асл қиёфасини бузиши ва тарихий жиҳатдан тасдиқланмаган унсурларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли бундай ҳолларда мавжуд қисмларни мустаҳкамлаш, сақланиб қолган безакларни ҳимоя қилиш ва йўқолган элементларни асоссиз равишда тўлдирмаслик илмий жиҳатдан муҳим ёндашув ҳисобланади.
Халқаро консервация амалиётида ҳам тарихий ёдгорликнинг ҳақиқийлиги ва сақланиб қолган асл материалларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим тамойил саналади. Ҳар қандай аралашув ёдгорликнинг тарихий қийматига зарар етказмаслиги, имкон қадар чекланган бўлиши ва илмий асосланган қарорларга таяниши керак. Агар муайян қисмни қайта тиклаш учун етарли далиллар мавжуд бўлмаса, уни мавжуд ҳолатида сақлаш тарихий ҳақиқатни асрашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, консервация ёдгорликни қаровсиз қолдириш ёки унинг емирилишига йўл қўйиш дегани эмас. Аксинча, бу тарихий материалларни мустаҳкамлаш, шикастланиш жараёнларини секинлаштириш ва обиданинг кейинги авлодларга имкон қадар асл ҳолатида етиб боришини таъминлашга қаратилган илмий-амалий жараёндир. Гўри Амир мақбарасининг айрим қисмларини тарихий ҳолатида сақлаш ҳам, тегишли илмий хулосалар билан асосланган тақдирда, унинг асл қиёфасини намойиш этиш ва ўтмишдан қолган далилларни асраб қолиш нуқтаи назаридан муҳимдир. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бундай қисмлар нафақат меъморий манзара, балки ёдгорликнинг кўп асрлик тарихи ва вақт давомида кечган ўзгаришларини англаш имконини ҳам беради.
Тарихий ёдгорликнинг қадри унинг барча қисмлари янгидек кўринишида эмас, балки асл тарихий далиллари ва ўзига хослигини сақлаб қолганида намоён бўлади. Шу боис Гўри Амир мақбарасини асраб-авайлашда асосий вазифа — унинг тарихий қиёфасини сунъий равишда янгилаш эмас, балки мавжуд меросни илмий асосда муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга ишончли тарихий манба сифатида етказишдир.
