#расмий_муносабат
2024-10-07 11:45:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда “Тошкентдаги “Шоштепа” археология ёдгорлиги қулашда давом этмоқда” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан вазият атрофлича ўрганилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Маълумки, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида жойлашган “Шоштепа” археология ёдгорлиги шаҳарнинг 2200 ёшини белгилашга имкон берувчи маданий мерос объекти ҳисобланади. Ёдгорликни йўқолиб кетишини олдини олиш мақсадида 2021-йилда археолог Маргарита Иванова ва Маданий мерос агентлиги археологлари билан ҳамкорликда объектни консервация қилиш ва очиқ осмон остидаги музей лойиҳасини ишлаб чиқишга доир дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилган. Объектни музейлаштириш борасидаги лойиҳа-смета ҳужжатлари агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган ва кенгаш аъзолари томонидан маъқулланган. Тепаликни сақлаб қолиш учун махсус ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 10-июлдаги “Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида сармоя ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Янгиҳаёт туманида жойлашган “Шоштепа” археологик ёдгорлигини реставрация қилиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022-йил 7-октабрдаги “Тошкент шаҳар, Янгиҳаёт тумани “Жунариқ” канали бўйида жойлашган “Шоштепа” археология ёдгорлигини реконструкция ва консервация қилиш ишларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига асосан буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланган.
Шу билан бирга, “Шоштепа” археологик ёдгорлигини реставрация қилиш бўйича маҳаллий бюджетидан молиявий ресурс ажратиш юзасидан ўрнатилган тартибда умумлаштирувчи комиссия муҳокамасига киритиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қиламиз. Объектда олиб борилаётган консервация ва реставрация ишлари 2024-йилнинг сўнгги ойларига якунланиши мўлжалланган.
Маълумот учун, “Шоштепа” археология ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарор билан давлат муҳофазасига олинган.
