21-октабр — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Маданий мерос агентлиги директорининг табриги
2026-10-21 09:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли маданий мерос соҳаси вакиллари ҳамда азиз юртдошлар!
Сизларни 21-октабр — Ўзбек тили байрами куни, она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман!
Она тилимиз — миллий ўзлигимиз, кўп асрлик тарихимиз, бой маданиятимиз ва маънавий меросимизнинг бебаҳо хазинасидир. Аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган тарихий битиклар, қадимий қўлёзмалар, меъморий обидалар ва бошқа маданий мерос намуналари халқимизнинг тафаккури, дунёқараши ҳамда бетакрор маънавий оламини ўзида мужассам этади.
Тарихий ёдгорликларимиз, музейларимиз ва уларда сақланаётган ноёб экспонатлар ҳақида ўзбек тилида сифатли маълумотлар тайёрлаш, миллий тарихимиз ва қадриятларимизни кенг тарғиб этиш тилимиз нуфузини юксалтиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бугун юртимизнинг бой тарихий ва маданий мероси халқаро миқёсда кенг танитилаётган бир пайтда, ўзбек тилининг жозибаси, бой имкониятлари ва ифода қудратини дунёга намоён этиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, она тилимизнинг софлигини сақлаш, уни илмий изланишлар, касбий фаолият ва кундалик мулоқотда тўғри қўллаш барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Қадрли юртдошлар!
Она тилимизни эъзозлаш — тарихимизни, миллий қадриятларимизни ва маънавий меросимизни эъзозлаш демакдир. Келинг, аждодларимиздан қолган бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни она тилимиз орқали кенг тарғиб қилиш ва ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтириш йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик.
Она тилимизнинг қадри ҳамиша юксак, миллий меросимиз абадий, ўзбек тилининг довруғи дунё бўйлаб таралсин!
Ўзбек тили байрами муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Баходир Абдикаримов
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директори
