#расмий_муносабат
2026-10-15 13:15:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат санъат музейи фаолиятининг вақтинча тўхтатилгани ҳамда музей биносида таъмирлаш ишлари олиб борилмаётгани юзасидан танқидий фикрлар билдирилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Айни пайтда Ўзбекистон давлат санъат музейини замонавий талабларга мослаштириш, музей ашёларини сақлаш шароитларини яхшилаш ва бино инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича зарур ташкилий ва техник ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан музей биносини таъмирлаш-тиклаш, электр тармоқлари, иссиқ ва ичимлик суви тизимлари ҳамда трансформаторларни янгилаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, 2026 йил 27–30 апрелдаги 10-сонли баённома билан маъқулланган.
Шунингдек, музей биносида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 161 та видеокузатув камераси, 230 та ёнғинни аниқлаш детектори, 180 та ҳаракат датчиги ҳамда 50 та хавф-хатар датчиги ўрнатилган.
Ҳозирда музей биносида таъмирлаш-тиклаш ва модернизация ишларини амалга ошириш, шунингдек, муассаса фаолиятини қайта тиклаш билан боғлиқ ташкилий ҳамда молиялаштириш масалалари устида иш олиб борилмоқда. Музейнинг қайта очилиш муддати таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланиши ва янгиланган экспозициянинг ташкил этилишига мувофиқ белгиланади.
Музей биносини таъмирлаш-тиклаш, фонд ашёларини сақлаш шароитларини яхшилаш ва муассаса фаолиятини қайта тиклаш жараёнининг бориши юзасидан жамоатчиликка қўшимча маълумотлар Маданий мерос агентлигининг расмий ахборот ресурслари орқали тақдим этиб борилади.
Маданий мерос агентлиги очиқ мулоқот ва жамоатчилик билан ҳамкорликни муҳим деб билади. Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини маданий мерос объектлари ва муассасалари фаолиятига оид масалаларни ёритишда холислик ва ишончли маълумотларга таянишга, муайян ҳолат юзасидан фикр ёки хулоса эълон қилишдан аввал Агентликка мурожаат қилиб, масъул мутахассислардан расмий изоҳ ва зарур маълумотларни олишга чақирамиз. Бу жамоатчиликка воқеа-ҳодисаларни ҳар томонлама ва холис ёритиш, асоссиз тахминларнинг олдини олиш ҳамда очиқ мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.
