Жарқўтон ёдгорлигида археологик тадқиқотларнинг дастлабки натижалари аниқланди
2026-10-12 17:35:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган бронза даврининг йирик археологик ёдгорлиги ҳисобланган Жарқўтонда археологик қазишма ва илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг октабр ойида бошланган тадқиқотларга Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Комил Раҳимов раҳбарлик қилмоқда. Экспедицияда Термиз давлат университети талабалари ҳамда Италиянинг Саленто университети магистранти Франческа Конджедо ҳам иштирок этмоқда.
Тадқиқотлар давомида ёдгорликдан хом ғиштдан қурилган иншоотлар ҳамда диаметри 70 сантиметр бўлган ўчоқ аниқланган. Ушбу топилмалар Жарқўтон босқичидаги қурилиш анъаналари ва турар жойлар тузилишини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Қабристоннинг ғарбий қисмида олиб борилган қазишмалар давомида қабрларнинг бирида тўртта бутун сопол идиш топилган. Шунингдек, ёдгорликнинг асосий ҳудудидан ташқарида олиб борилган қазиш ишлари натижасида ёш бола қабри, Сополли маданиятининг Жарқўтон босқичига оид хўжалик ўраси ва айлана шаклидаги иккита кул ўраси қайд этилди.
Аниқланган археологик топилмалар бронза даврига (милодддан аввалги 3-1 минг йилликларга) оид бўлиб, қадимги аҳолининг турмуш тарзи, хўжалик фаолияти, дафн маросимлари ҳамда ёдгорлик ҳудудининг тарихий ривожланиш босқичларини чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Топилмаларни қиёсий ва типологик таҳлил қилиш орқали Жарқўтоннинг айрим ҳудудлари вазифаси ва ривожланишига оид янги илмий хулосалар олиш кутилмоқда.
Айни пайтда Жарқўтон ёдгорлигида археологик қазишма ва тадқиқот ишлари давом этмоқда.


