Самарқанд тарихининг археологик харитаси итальян тилида нашр этилди
2026-10-06 14:45:00 / Янгиликлар

Италиянинг Болонья университети нашриёти томонидан таниқли ўзбек археологи Амриддин Бердимуродов ва италиялик археолог Симоне Мантеллининг «Ўрта Зарафшон водийсининг археологик харитаси. 1-жилд: Самарқанд шаҳри» номли фундаментал асари нашрдан чиқарилди. Мазкур китоб Самарқанд шаҳри ва воҳасидаги археологик меросни ҳужжатлаштиришга қаратилган йирик илмий лойиҳанинг дастлабки жилди ҳисобланади.
Унда кўп йиллик архив тадқиқотлари, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда замонавий GIS технологиялари асосида тўпланган кенг қамровли маълумотлар жамланган. Асарда Самарқанд шаҳри ҳудудидаги археологик ва меъморий ёдгорликлар, тарихий ҳамда маданий мерос объектлар тизимли равишда акс эттирилиб, уларнинг жойлашуви, яратилган даври ва ҳажми каби маълумотлар келтирилган.
Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти илмий ходими Амриддин Бердимуродовнинг таъкидлашича, Самарқанд ва Ўрта Зарафшон водийси ҳудудида олиб борилган тадқиқотлар давомида қадимги аҳоли манзилгоҳлари, суғориш тизимлари ва тарихий ландшафтнинг ривожланиш босқичлари ўрганилган. Тадқиқотлар натижасида илгари номаълум бўлган кўплаб археологик ёдгорликлар аниқланиб, илмий муомалага киритилган.
Китобнинг муҳим жиҳатларидан бири — Самарқанд тарихий меросини нафақат машҳур меъморий обидалар, балки қадимий аҳоли манзилгоҳлари, суғориш иншоотлари, карвон йўллари ва тарихий ландшафтлар билан биргаликда кенгроқ нуқтаи назардан ўрганиш имконини беришидир. Мазкур илмий нашр Самарқанднинг археологик меросини тизимли равишда ҳужжатлаштириш, илмий тадқиқ этиш ва халқаро илмий жамоатчиликка тарғиб қилишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
