#расмий_муносабат
2026-10-05 17:55:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси ҳовлисида кўнгилочар тадбир ўтказилгани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, қуйидагилар маълум қилинади.
Жорий йилнинг 3-октабр куни Қўқон шаҳрида жойлашган Худоёрхон ўрдаси ҳудудида «А.клуб» номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида «Чопон пати» тадбири ўтказилган. Мазкур тадбир «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда ташкил этилган.
Маданий мерос агентлигининг 2024 йилда қабул қилинган тегишли буйруғи талабларига мувофиқ, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий-маърифий, оммавий ва бошқа тадбирлар белгиланган тартибда Агентлик билан келишилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, давлат музей-қўриқхонаси ҳудуди маданий мерос объекти сифатида алоҳида муҳофаза қилиниши лозим. Шу сабабли мазкур ҳудудда ҳар қандай тадбирни ташкил этишда объектнинг маданий аҳамияти, унинг тарихий қиёфасини асраш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш талабларига қатъий риоя этилиши шарт.
Юқоридаги ҳолат юзасидан «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга маданий мерос объектларининг сақланиши, улардан белгиланган тартибда фойдаланилиши ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилиши борасидаги хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.
Маданий мерос агентлиги томонидан ушбу ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, келгусида маданий мерос объектлари ва музей-қўриқхоналар ҳудудида тадбирларни белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ ташкил этиш бўйича назорат чоралари кучайтирилади.
