Бухорода Сомонийлар даврига оид ноёб ганч панель қолдиқлари аниқланди
2026-09-29 12:15:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги Шаҳристон археологик ёдгорлигида Ўзбекистон–АҚШ халқаро археологик экспедицияси томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар давомида Сомонийлар даврига оид жоме масжидининг меъморий безакларига мансуб, куфий ёзувлар туширилган ганч панель қолдиқлари аниқланди.
Археологик тадқиқотларда Ўзбекистон ва АҚШ мутахассислари билан бир қаторда Россия ва Эрон археологлари, рассомлар, чизмачилар ҳамда «Бухоро» давлат музей-қўриқхонаси ходимлари иштирок этмоқда.
Экспедиция раҳбари Жамолиддин Мирзахмедовнинг таъкидлашича, аниқланган ганч панель қолдиқлари бизгача тўлиқ ва яхши сақланган ҳолатда етиб келмаган. Шу боис топилмани сақлаб қолиш мақсадида мутахассислар томонидан реставрация ва консервация ишлари олиб борилмоқда. Мазкур топилма Бухоронинг Сомонийлар даври меъморчилиги, хусусан, ганч ўймакорлиги ва эпиграфик безак анъаналарини ўрганишда муҳим илмий манба сифатида аҳамиятга эга.
Айни пайтда Шаҳристон археологик ёдгорлигида археологик тадқиқотлар билан бир қаторда аниқланган меъморий ганч безакларини мустаҳкамлаш, консервация қилиш ва илмий жиҳатдан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.


