Жиззах вилоятида янги тош даври маконлари ва петроглифлар аниқланди
2026-09-28 13:25:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг сентабр ойида Маданий мерос агентлиги ҳамда Й. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ходимлари томонидан Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида археологик дала-қидирув ишлари олиб борилди. Тадқиқотлар давомида Зомин туманининг бир қатор ҳудудларида тош даврига оид янги археологик объектлар аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит даврига, Пешағор қишлоғида эса неолит даврига оид маконлар қайд этилди. Шунингдек, Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ҳамда Аржа қишлоғи ҳудудларида неолит даврига мансуб топилмажойлар аниқланди.
Бир ҳудуд доирасида палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг аниқланиши Зомин воҳаси ва Туркистон тизмасининг мазкур қисмида қадимги жамоалар узоқ тарихий даврлар давомида яшаб, ҳудуддан мунтазам фойдаланганини кўрсатади. Янги топилмалар Туркистон тизмасида тош даври жамоаларининг тарқалиши, яшаш муҳити ва хўжалик фаолиятини ўрганиш учун муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.
Дала-қидирув ишлари давомида Шароф Рашидов туманининг Равот қишлоғи, Равотсойнинг чап соҳилида ҳам янги қоятош суратлари мажмуаси аниқланди. Етти дона сланец қоятош юзасида жами 30 га яқин петроглиф қайд этилди. Қоятош тасвирлари орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белги ҳамда камондан ўқ узаётган овчи тасвирлари мавжуд. Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур петроглифлар бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврлар билан боғланади.
Аниқланган янги археологик объектлар ва петроглифлар Жиззах воҳаси ҳамда Туркистон тизмасининг қадимги тарихини, хусусан, бу ҳудудларда қадимги жамоаларнинг яшаш тарзи, тарқалиши ва маданий жараёнларини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Келгусида мазкур ёдгорликларда кенг кўламли археологик тадқиқотлар олиб бориш, топилмаларни даврлаштириш, илмий ҳужжатлаштириш ҳамда уларнинг тарихий-маданий аҳамиятини чуқурроқ ўрганиш ишлари давом эттирилади.




