Занжир Саройда археологик қазишмалар давом этмоқда
2026-09-25 14:00:00 / Янгиликлар

Қашқадарёда XIVасрга оид Занжир Сарой ёдгорлигида кенг кўламли археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда.
Айни кунларда Маданий мерос агентлиги ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти Жанубий Суғд археологик экспедицияси мутахассислари томонидан Муборак туманида жойлашган Занжир Сарой ёдгорлигида илмий-археологик қазишмалар олиб борилмоқда.
Қазишма ишлари Маданий мерос агентлиги томонидан Амир Темур фаолияти билан боғлиқ ёдгорликларни ўрганиш лойиҳаси доирасида молиялаштирилган.
Тадқиқотларнинг асосий йўналиши — ёдгорликнинг сақланиб қолган меъморий қисмларини очиш, саройнинг тузилиши ва қурилиш хусусиятларини аниқлаш, археологик топилмаларни илмий жиҳатдан ўрганишдан иборат.
Қазишмалар давомида ёдгорлик ҳудудидаги тарихий қатламлар очилиб, сарой мажмуасига оид меъморий қолдиқлар ва турли археологик материаллар аниқланмоқда. Ҳар бир топилма мутахассислар томонидан қайд этилиб, унинг тарихий ва илмий аҳамияти ўрганилмоқда.
Занжир Сарой — XIVасрда Чиғатой улуси даврида бунёд этилган, кейинчалик Амир Темур тасарруфига ўтган йирик қароргоҳлардан бири. Тарихий манбаларга кўра, мажмуа қарийб 16 гектар майдонни эгаллаган.
Айни пайтда давом этаётган қазишма ишлари ёдгорликнинг илгари номаълум бўлган жиҳатларини аниқлаш, унинг меъморий қиёфасини илмий асосда тиклаш ва тарихини янада чуқурроқ ўрганиш учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Археологик тадқиқотлар давом этмоқда.

