Самарқанддаги археология ёдгорлигига 6,4 млрд. сўмлик зарар етказилгани аниқланди
2026-09-25 14:00:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида жойлашган «Таллиғулонтепа» археология ёдгорлигига оғир техника ёрдамида зарар етказилганлиги аниқланди. Ижтимоий тармоқларда ёдгорлик бузиб ташланаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан сўнг, Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан мазкур ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида археология ёдгорлигининг айрим қисмларига оғир техника ёрдамида механик таъсир кўрсатилгани ва бузилгани аниқланди. Шунингдек, ёдгорлик ҳудудига ўрнатилган муҳофаза белгиси номаълум шахс томонидан олиб ташлангани ҳам маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан ёдгорликка етказилган моддий зарар миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265 сон қарорининг 8 иловаси билан тасдиқланган «Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказилган моддий зарар миқдорини ҳисоблаш» методикаси асосида ҳисоблаб чиқилди.
2026 йил 23-сентабр куни амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, «Таллиғулонтепа» археология ёдгорлигига 6 миллиард 435 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланди. Аниқланган зарар миқдори бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, ҳолатга қонуний баҳо бериш учун зарур ҳужжатлар Самарқанд вилояти прокуратурасига юборилди.
Маълумот учун, V–VI ҳамда Х–XII асрларга оид «Таллиғулонтепа» археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрдаги 846 сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳамда Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган.
