Маданий мерос агентлигининг баёноти
2026-09-24 09:40:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй манзилида жойлашган маданий мерос объектини муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий чоралар ҳақида қуйидагиларни маълум қилади.
Аввалроқ Агентлик томонидан мазкур тарихий бинонинг сақланишига таҳдид солаётган ўтган йилларда қабул қилинган қарорларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига расмий мурожаат юборилган эди.
Бош прокуратура Маданий мерос агентлигининг позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Қонунчилик бузилишларини бартараф этиш мақсадида назорат органи томонидан тегишли ҳоким қарорини ноқонуний деб топиш талаби билан судга даъво аризаси киритилди.
Агентлик мамлакатнинг маданий ва тарихий меросини муҳофаза қилиш масаласида прокуратура органларининг тезкор муносабати ва принципиал позицияси учун миннатдорлик билдиради.
«Конституциямизнинг 61-моддасида фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлашга мажбур экани аниқ ва тиниқ қилиб белгиланган. Қонун барча учун баробар. Шахсий манфаатлар йўлида мамлакатнинг маданий меросини йўқ қилишга қаратилган ҳар қандай уринишларга биз қатъий ва фақат қонуний тартибда курашамиз. Ўзбекистон тарихини бузиб ташлашга йўл қўймаймиз», — дея таъкидлади Маданий мерос агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.
