Абдулла Қаҳҳор уй-музейи фаолияти вақтинча тўхтатилади
2026-09-22 17:20:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги тизимидаги Абдулла Қаҳҳор уй-музейи биносида амалга оширилаётган таъмирлаш-тиклаш ва модернизация ишлари муносабати билан музей фаолияти 2026 йил 21 сентабрдан 31 декабрга қадар вақтинча тўхтатилади.
Таъмирлаш-тиклаш ишлари давомида музей экспозициясида намойиш этилаётган ашёларни хавфсиз демонтаж қилиш, музей фондидаги ашёларнинг бут сақланишини таъминлаш ҳамда уларни махсус хоналарга хавфсиз жойлаштириш чоралари кўрилади. Шунингдек, Абдулла Қаҳҳор уй-музейидаги барча музей ашёлари жалб этилган мутахассислар иштирокида Ўзбекистон давлат санъат музейига вақтинча кўчирилади.
Мазкур ашёлар таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангач, барча хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда уй-музейига тўлиқ қайтарилади. Музей ашёларини кўчириш ва қайта жойлаштириш жараёнлари қонунчиликда белгиланган тартибда топшириш-қабул қилиш далолатномалари асосида амалга оширилади.
Таъмирлаш-тиклаш ва модернизация ишлари якунлангач, Абдулла Қаҳҳор уй-музейи фаолиятини яна давом эттиради.
