Ангрен шаҳар тарихи музейи фаолияти вақтинча тўхтатилади
2026-09-21 10:15:00 / Янгиликлар

Ангрен шаҳар тарихи музейида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш муносабати билан музейнинг ташриф буюрувчиларни қабул қилиш билан боғлиқ фаолияти 2026 йил 22-сентабрдан 2027 йил 1 майга қадар вақтинча тўхтатилади.
Мазкур қарор музей биносида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун Маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари, Агентлик Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, ижобий хулоса берилганлиги ҳамда 2026 йил учун тасдиқланган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос объектларининг манзилли рўйхатига киритилганлиги асосида қабул қилинди.
Таъмирлаш-тиклаш ишлари тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик, қурилиш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади. Шунингдек, таъмирлаш ишлари давомида музей ашёлари ва коллекцияларининг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Экспозициядаги музей ашёлари хавфсиз демонтаж қилиниб, махсус хоналарга жойлаштирилади ҳамда уларнинг бут сақланиши ва қўриқланиши таъминланади.
Таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангач, музей ташриф буюрувчилар учун янгиланган шароитларда ўз фаолиятини давом эттиради.
