Сергей Есенин мемориал музейида олиб борилаётган ишлар юзасидан жамоатчиликка маълумот берилди
2026-09-16 20:10:00 / Янгиликлар

Бугун, 16-сентабр куни Тошкент шаҳридаги Сергей Есенин мемориал музейида Маданий мерос агентлиги масъуллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Маданий мерос агентлигининг Музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи Бегзод Пўлатов, Юридик бўлим бошлиғи Ахадулла Ахмедов, Маданий мерос илмий-тадқиқот институти директори Санжар Арипов ҳамда тегишли мутахассислар иштирок этди.
Мулоқот давомида музей биносида таъмирлаш-тиклаш ишлари нима сабабдан амалга оширилаётгани, объектнинг бугунги техник ҳолати, ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳамда режалаштирилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, фуқаролар ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.
Учрашув иштирокчиларига музей биносининг юк кўтарувчи қурилиш конструксиялари ҳолати бўйича ўтказилган визуал-инструментал техник ўрганиш натижалари ҳам тақдим этилди. Ўрганишлар давомида бинонинг айрим конструктив қисмларида турли даражадаги шикастланиш ва емирилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланган. Жумладан, деворларнинг айрим қисмларида қўлланилган қурилиш материалларининг бугунги ҳолати қўшимча техник ечимларни талаб этиши қайд этилган.
Шунингдек, мазкур ҳолатларнинг юзага келишига бинодан узоқ йиллар давомида фойдаланиш, конструкцияларнинг табиий эскириши, ташқи муҳит ва бошқа омиллар таъсир кўрсатгани мутахассислар томонидан қайд этилди. Мутахассисларнинг хулосаларидан келиб чиқиб, бинонинг конструктив барқарорлигини таъминлаш ва тарихий қиёфасини сақлаб қолиш учун таъмирлаш-тиклаш ишларини тегишли техник ечимлар асосида амалга ошириш зарурлиги тушунтирилди.
Амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади тарихий асраб-авайлаш, унинг конструктив қисмларини мустаҳкамлаш ҳамда музей фаолияти учун хавфсиз ва зарур шароитларни яратишдан иборат.
Таъмирлаш-тиклаш ишлари давомида бинонинг тарихий қиёфаси ва маданий қийматини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Техник ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, зарур конструктив қисмларни мустаҳкамлаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, музей фаолияти ва ташриф буюрувчилар учун шароитларни яхшилаш кўзда тутилган.
Учрашув давомида амалга оширилаётган ишларнинг ҳар бир босқичи юзасидан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларига ахборот бериб борилиши маълум қилинди.
Маданий мерос агентлиги томонидан Сергей Есенин мемориал асраб-авайлаш, унинг тарихий ва маданий қимматини сақлаган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишларини белгиланган талаблар асосида амалга ошириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.



