#расмий_муносабат
2026-09-16 13:35:00 / Янгиликлар

Telegram ижтимоий тармоғида Бухоро шаҳридаги Улуғбек мадрасаси яқинида ёш болалар томонидан маданий мерос объектига нисбатан ҳурматсиз муносабат акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинади.
2026 йил 11-сентабр куни Бухоро шаҳри Х. Нуробод кўчасида жойлашган Улуғбек мадрасасининг олд қисмида болаларнинг мадраса деворига тўп тепиши ҳамда ундаги мозаика қисмларига оёқ билан зарба бериши акс этган ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Мазкур ҳолат Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси, Бухоро вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда Мирзо Улуғбек МФЙ билан ҳамкорликда ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан, ҳолатга алоқадор болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилиб, уларга маданий мерос объектларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тарихий обидаларнинг асл қиёфаси ва сақланиш ҳолатига зарар етказмаслик юзасидан батафсил тушунтириш берилди ҳамда бундай ҳолатларни қайта такрорламаслиги бўйича расмий огоҳлантирилди. Шунингдек, келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Улуғбек мадрасаси атрофида истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасида маданий мерос объектларини асраш, уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва жамоатчилик масъулиятини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тарихий асраш фақат масъул ташкилотларнинг эмас, балки барчамизнинг умумий вазифамиздир. Маданий мерос объектларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг тарихий асраб-авайлаш ва келажак авлодга бус-бутун етказиш ҳар биримиздан масъулият ва эътибор талаб этади.


