Самарқанднинг қадимий қоятош тасвирлари илмий жиҳатдан ўрганилмоқда
2026-09-15 12:15:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг август–сентабр ойларида Самарқанд вилоятида қадимий қоятош тасвирларини илмий ҳужжатлаштириш бўйича навбатдаги дала тадқиқотлари амалга оширилди. Мазкур экспедиция Й.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ходимлари бошчилигидаги ANR FRONTIER лойиҳаси ҳамда Марказий Осиёдаги Франция археологик миссияси (MAFAS) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
2018–2024 йилларда олиб борилган тадқиқотлар давомида Самарқанд вилоятидаги қоятош санъати ёдгорликларида мавжуд тасвирларни рақамлаштириш ва рўйхатга олиш ишлари амалга оширилган эди. 2026-йилги экспедициянинг асосий мақсади эса аввалдан танланган қоятош юзаларини тизимли равишда ҳужжатлаштиришдан иборат бўлди.
Тадқиқотлар вилоятнинг Булунғур туманидаги Ғўбдинтоғ ҳудудининг Етимсой дарасида олиб борилди. Дала ишлари давомида жами 63 та қоятош, 107 та тасвир юзаси ва 761 та мотив, жумладан, 49 та саҳна тизимли равишда қайд этилди. Аниқланган тасвирларнинг қарийб 90 фоизини зооморф, яъни ҳайвонлар тасвири ташкил этади. Шунингдек, қоятош панелларида антропоморф образлар ва турли буюмлар тасвирлари ҳам учрайди.
Тадқиқотлар давомида тасвирларни яратишда уриб-ўйиш, чокичлаб ва тирнаб-ўйиш каби турли техникалардан фойдаланилгани аниқланди. Услубий қатламлар орасида бронза ва илк темир даврларига оид белгилар, жумладан, аравалар ҳамда Евросиё ҳайвон услубига хос зооморф тасвирлар кузатилмоқда. Кўплаб тасвирларнинг бир-бирининг устига тушгани ва табиий эрозияга учрагани уларни ўрганиш, ўқиш ва илмий талқин қилишни мураккаблаштирмоқда.


