Одирмон шаҳар ёдгорлигидан ноёб остодон ва алтар топилди
2026-09-14 14:10:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жойлашган Одирмон шаҳар археологик ёдгорлигида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар давомида диний маросимлар билан боғлиқ алтар (меҳроб) ва ноёб остодон топилди. Мазкур ёдгорликда археологик қазишма ишлари жорий йилда илк бор Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдурахимов томонидан олиб борилмоқда.
Қазишмалар давомида ёдгорликнинг шимоли-шарқий қисмидан аниқланган алтарда ёнғин излари яхши сақланган. Унинг баландлиги 70 сантиметр, эни 90 сантиметрни ташкил этади. Пол қисмига 18×28×2,5 сантиметр ўлчамдаги пишган кафелсимон ғиштлар терилган бўлиб, иншоот атрофи 2,5–3 сантиметр қалинликдаги лой сувоқ билан қопланган. Сувоқ қатламларининг бир неча бор янгилангани алтардан узоқ вақт давомида фойдаланилганини ва у мунтазам таъмирланганини кўрсатади.
Ёдгорликдан аниқланган остодон ҳам алоҳида илмий аҳамиятга бўлиб, унинг ташқи юзасида кийик ҳамда арча дарахтига ўхшаш нақшлар акс этган. Мазкур тасвирларнинг мазмуни реставрация ишлари якунлангач янада аниқроқ ўрганилиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, Одирмон шаҳар ёдгорлиги милоддан аввалги III аср ва милодий III асрлар оралиғига оид. Аниқланган алтар ва остодон ёдгорликда яшаган қадимги аҳолининг диний қарашлари, маросимлари ҳамда дафн анъаналарини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Археологик тадқиқотларнинг давом эттирилиши Одирмон шаҳар ёдгорлигининг тарихий-маданий аҳамиятини янада чуқурроқ очиб беришга хизмат қилиши кутилмоқда.


