#расмий_муносабат
2026-09-11 19:00:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг Темур Малик кўчасида жойлашган “Фуқаролик иншооти” архитектура ёдгорлигининг бугунги ҳолати ҳамда унда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари юзасидан билдирилган фикр ва саволлар Маданий мерос агентлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар маълум қилинади.
Мазкур объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Бино давлат мулки ҳисобланиб, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган. Шунингдек, Агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан мазкур архитектура ёдгорлигига тегишли муҳофаза белгиси ўрнатилган.
Маълумотларга кўра, бино узоқ вақт давомида таъмирланмаган ва фойдаланилмаган. Шу боис уни қайта тиклаш ҳамда замонавий эҳтиёжларга мослаштириш масаласи юзасидан тегишли лойиҳа ишлаб чиқилган. Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг 2026 йил 11–12 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган 12-сонли йиғилиши баёнининг 92-бандида мазкур маданий мерос объектини таъмирлаш ва лаборатория биносига мослаштириш лойиҳаси кўриб чиқилган.
Лойиҳа маданий мерос объектининг ташқи ва ички қисмида сақланиб қолган тарихий ҳамда бадиий безаклар, шунингдек, пол қисмидаги паркет қопламаларини сақлаб қолиш шарти билан маъқулланган. Шу муносабат билан мазкур объектнинг тарихий ва меъморий асраб-авайлаш, ундаги сақланиб қолган асл элементларни муҳофаза қилиш асосий талаблардан бири эканини таъкидлаймиз.
Айни вақтда таъмирлаш ишлари Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси назорати остида олиб борилаётганлигини маълум қиламиз.
