Қўрғонтепада илк ўрта асрларга оид ҳайкалнинг бош қисми топилди
2026-09-11 18:30:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигида Самарқанд археология институти ходимлари томонидан олиб борилаётган археологик қазишма ишлари давомида муҳим топилма аниқланди.
Археологлар Алишер Сандибоев, Амриддин Бердимуродов, Наврўз Алимов ва Санъат Хўжамовлар иштирокидаги тадқиқотлар жараёнида илк ўрта асрларга оид ибодатхона қолдиқлари орасидан гипсдан ишланган ҳайкалнинг бош қисми топилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур топилма Қўрғонтепа ибодатхонасининг диний-бадиий безаги ҳамда ўша давр санъатини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Ҳайкалнинг юз тузилиши, соч турмаги ва бошқа иконографик хусусиятлари қадимги Сўғд санъатининг ўзига хос жиҳатларини тадқиқ этишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
Қазишмалар давомида аниқланган хоналар қолдиқлари ва бошқа археологик топилмалар ибодатхонанинг ички тузилиши ва вазифаси, шунингдек, бу ерда амалга оширилган диний маросимлар ҳақида янги маълумотлар олиш имконини бермоқда.
«Ўзбекистоннинг археологик салоҳияти нақадар бой эканини бундай топилмалар яна бир бор намоён этмоқда. Биз нафақат тарихий-маданий меросимизни асрашимиз, балки янги авлод тадқиқотчилари учун зарур шароитларни яратишимиз керак. 2027 йилдан бошлаб ҳар йили археологик тадқиқотларни, аввало, ёш археологларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 25 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратилади. Иқтидорли мутахассислар тўлақонли археологик қазишмалар олиб бориши, замонавий илмий усуллардан фойдаланиши ва мамлакатимиз келажагига хизмат қиладиган янги кашфиётларни амалга ошириши учун имконият яратишни мақсад қилганмиз», — деди Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.
Маълумот учун: 2024 йилда Қўрғонтепадаги мазкур ибодатхона қолдиқлари орасидан тўрт қўлли маъбуд тасвири акс эттирилган деворий рангтасвир, шунингдек, сопол ҳайкалга оид қўл ва оёқ қисмлари топилган эди.
Бундай ёдгорликларни ўрганиш қадимги Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақидаги илмий тасаввурларни кенгайтириш билан бирга, ўтмишнинг ноёб далилларини келажак авлодлар учун асраб-авайлаш имконини беради.



